Менга келган 5
саволларга жавобларим.
1. Икки қирғин орасида
ўтган 20 йил давомида Қирғизистон ўзбеклари нималарга эришди ва нималарни
бой беришди?
Жавоб:
Бу саволга жавоб беришдан аввал, ўзбек ва
қирғизларнинг кимликларини аниқлаб олайлик;
Исломий кўз қарашда, иккала миллат ҳам
мусулмонлар, ака-ука биродарлар ва бир тан-у жондурлар. Таннинг бир жойига
оғриқ кирса, бошқа жойларига иситма кирур. Бу нарса Қуръонда ва бир қанча
хадисларда келган.
Энди, ўзини мусулмонман, деб, яна бир бошқа
мусулмонман, деб юрган биродарини ҳақоратлаб, уриб, ўлдириб, ўз еридан
ҳайдаганларни ким деса бўлади?
Энди, ота боболари яшаб, шу жойларни
ободонлаштириб, фарзандларига мерос қилиб қолдиришиб, шу жойларда ўлиб,
кўмилишган бўлса-ю, 100-200 йиллик қабрлар гувоҳлик бериб турса-ю, ўзларини
бегона, келгинди қилишиб, кўпчилик бўла туриб, сохта озчиликни тан олишиб,
ўзларига "Диаспора” деган номни тамға қилишиб, озчилик уюшмасини тузишиб,
"Ўзбеклар миллий маркази” деб, ном чиқарганларни, ким деса бўлади?
Бу, иккала миллатнинг ҳам Исломий
тушунчаси, кўз қарашининг йўқлиги эмас-ми?
Биринчи қирғин 1990 йили 4-5 июнда Ўшда ер
талашдан бошланиб, Ўзган шаҳри ва Ўшнинг чеккаси Фурқат қишлоғи қаттиқ зиён
тортган. Ўшдаги ўш районида бошланганда, милиция ҳизматчилари очиқдан очиқ
ўзбекларга ўқ отишган. Менинг аммамнинг ўғлини ҳам қорнига ўқ теккан, улар ўш
районида яшашар эди, хозир ҳам ўша жойда яшашади. Бу орада, Ўзганнинг чекка
қишлоқлари қирғизларига машиналарда яшиклаб ароқни бекор тарқатишган. Мас
бўлган одамлар олдига аёлларни юборишган. Улар боришиб, "Дод, Ўшда қирғизларни
ўзбеклар ўлдиришиб, хотинларини зўрлашиб, болаларини осиб ўлдиришаябди. Бу
жойда сен қирғизлар ароқ ичиш билан оворасан” деб бақиришганда, "Қирғиз бўлсанг
тур ўрнингдан” деб, олдиндан тарқатиб қўйилган қуролларни олишиб, отларига
минишиб Ўзганга бостириб киришган. Ўша вақтларда видео камералар йўқ ҳисобда
эди. Аммо, бир йигитда бор экан, у видеога туширибди. Мен ўзим кўрганман,
Ўзганда ўзбекларнинг ўликлари кўчаларда ит каби хор бўлиб ётишган,
қассобҳоналарда болаларни гўшт ўрнига осиб, нарҳини ҳам ёзиб қўйишган. Юзлаган
аёллар зўрланиб, 50 га
яқини тоғ тарафларга олиб чиқиб кетилган ва улар йўқ бўлиб кетишган.
Эртаси куни, Алайликлар Фурқат қишлоғига хужум
қилишиб, Ўзган воқеасини қайталашган.
Қисқаси,
ҳукумат 3 кун тек қўйиб берган, бир мусулмонлар иккинчи мусулмонларнинг
қонларини тўкишган, аёлларини зўрлашиб, уйларини куйдиришган, ерларидан
хайдашган.
Бу ишлар ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Олдиндан 2-3
йил даъвомида тайёргарлик кўрилган. Бунинг тарихи узоқ. Қисқаси, бу уруш четдан
тайёрланиб, бошқарилиб, ичкаридагилар ижрочилар бўлган.
Ўша вақтларда, СССР нинг тарқалиши аниқ
бўлганидан кейин, Ўрта Осиё мусулмонлари бирикишиб, катта мусулмонлар давлатига
айланиб кетмасин учун, ўша уруш уюштирилган.
1990 йил урушини, хар хил миллатдаги
терговчилар тергаб, икки миллатдан ҳам тенг жавобгарликка тортишиб, икки миллат уруши бўлди, деб эълон
қилишган. Ҳукумат бу урушни бости - бости қилиб, эсдан чиқаришга харакат қилди.
Ҳаттоки, уруш ҳақида сўз очганларни, жазога ҳам тортишди.
Мен, кўп ишларни тирик гувоҳиман, яна кўп
ишларни ўрганиб чиқиб, ўз ҳулосамни чиқарганман ва одамларга айтиб юрганман.
Икки миллат урушмаган, мумкин ҳам эмас, иложи ҳам йўқ. Агар ҳукумат ўзи бош
бўлмаса. Мен яшаган Қорасув шаҳрига, Ўзбекистондан ўзбеклар ёпирилиб ўтишган ва
шаҳарни тинч омон сақлаганмиз. Ҳукумат одамлари, 2-3 кун олдиндан оилаларини
олиб қочишган экан, мен кейин билдим. Қолган оддий қирғизларни тўплаб, бир 4 қаватли
уйга жойлаб, уларни қўриқлаб, озиқ-овқат ҳам етказиб турганман. Кўплари хали
ҳам мени хурмат қилишади. Чунки, улар аҳволни кўришиб, жуда қўрқувга тушишган
эди-да.
Уруш ҳам тўхтади, кейинги ҳаёт ҳам бошланди,
СССР ҳам тарқаб, гумдон бўлди.
Энди, ўзбеклар масаласига келсак. Бу
ўзбекларда жон жуда ширин экан. Жуда кўп ўзбеклар Ўзбекистоннинг Қорасув,
Советобод, Қўрғонтепа, Андижон, Фарғона ва Қўқон шаҳарларига қочиб, кўчиб
кетишди. Алдовларга лаққа тушган 10-15 чала, сохта ўзбеклар эса, 1992 йили ОБСЕнинг
маслаҳати ва ёрдами билан "Ўзбек миллий маркази”ни тузишибди ва ўзбеклар
номидан ҳукуматга чаппак чалишиб, ҳамма ҳаром ишларга ҳам, ўзбеклар номидан
розилик бериб юришибди. Бундай марказ борлигини мен 2000 йили билдим ва ўша
кундан қарши чиқиб, уларнинг мажлисларига бостириб кириб, "Нега ўзбекларни
келгиндиларга айлантиришаябсан” деб, сўкиб юрганман.
Аммо, ҳукумат айёрлик билан, ўша бир тўп сохта
ўзбекларни баъзи бир ишларга қўйишган ва уларнинг қўли билан қолган ўзбекларни
секин-аста қулларга айлантиришди. Бора – бора, ўзбек "Диаспораси” қонуний тус
олди, яъни, кўпчилик ўзбеклар, келгинди озчиликларга айланишди. Бу иш давом
этиб, 2009 йилга келганда, ўзбекларга очиқдан – очиқ "Қирғиз ерида яшасанг,
бизга пулдан узатиб турасан, ёқмаса, ана Ўзбекистонингга кет” дейдиган бўлишди.
Аввал милиция ва бошқа махкамалар ишчилари бошлашди. Кейин эса, бу қилиқ оддий
қирғизларга ҳам ўтди.
Мана энди, сизга лўнда жавоб:
Икки қирғин орасидаги 20 йилда, ўзбеклар хеч
нарсага эришгани йўқ, фақат бой беришди. Яъни, ўзбеклар савдогарлик,
хунармандчилик, чорва ва деҳқончилик билан шуғулланишиб, яна кўпчилиги чет
элларга боришиб ишлашиб, фақат пул топиш билан овора бўлишди. Яна кўпчилиги
эса, "менинг танишим бор” деб, ўртамчиликни ўрганишди. Бири бири учун
ўртамчилик қилишда, яъни, пора беришда ким ўздига иш қилишди. Менинг
кузатишимча, 2009 йилга келиб, ўзбекларнинг 3/2 си ўртамчи бўлиб кетди. Ҳокимиятда
ўтирган қирғизларни пораҳўрликка ўргатганлар ҳам, аслида мана шу ўзбеклар
бўлади. Аммо, ўзбеклар бойишди, қирғизларни ҳам бойитишди. Лекин, асл бойлик
бўлган илмни ташлашди, илмни хор қилишди. Чунки, қанча ўқиб диплом олган билан,
бирор мансабга кўтарилмасликларини тушиниб қолишди. Айниқса, 2005 йилда
ҳокимиятга К.Бакиев келганидан кейин, миллатчилик авж олиб, илм олишга ўзбекларнинг
ҳафсаласи тамомила йўқолди. Ҳаттоки, энг оддий ишларда ўзини қонуний ҳимоя
қилишни ҳам, пул билан ҳал этадиган бўлишди. Пора бериш, кўпроқ талаб қилиш
авжига чиқди.
Ачинарли
ҳол шу-ки, чала бўлса ҳам билган Исломини, мусулмонлигини паст даражага
туширишди, имон мужмаллашди. Намоз ўқиш, рўза тутиш, хаж қилиш, мақтанишга
эҳсонлар қилиш билан, бўлди ибодатларни адо этаябман, мен мусулмонман, деб
қолишди. Аммо, ўз ерини, оиласини, аёл ва қизларини бегонадан ҳимоя қилмай, пул
топиш учун уларни шаҳарма-шаҳар қўйиб юборишди. Бундай мусулмон эркакнинг,
ўлгани афзал. Шунинг учун, Қирғизистондаги кўпчилик
ўзбеклар, мусулмонлигини, эркаклигини йўқотишди. Улар, 2010 йилдаги урушдан
кейин эса, "Даюс”, "Тирик ўликлар”га айланишди. Буларнинг ҳаммаси, илмсизлик,
илмни хор қилганликнинг натийжасидир. Мана шулар, энг катта бой бериш бўлди.
2. Уларнинг бошларини
қовуштириш мақсадида тузилган миллий марказлар ўз фаолиятида
қандай хатоларга йўл қўйишди?
Жавоб:
"Ўзбек
миллий маркази”нинг борлигини, шахсан мен 2000 йили билган бўлсам, ҳайронман,
улар кимларнинг бошларини бириктириб юришган экан? Аслида, 1990 йилдаги урушдан
кейин, кўп ўзбеклар хар тарафларга кетишган бўлса ҳам, қолганларининг ўзи ҳам
кўпчилик эди. Ҳозирда ҳам озчилик эмас. Агар, ўзбек бир тарафга, қирғиз бир
тарафга ўтсин дейилса, шу кунда ҳам ўзбеклар кўпчиликни ташкил қилади. Шунинг
учун, кўз кўрсинга қирғизларни кўпайтириб кўрсатиш учун, 1990 йили ва 2010
йилдаги урушлардан кейин, чекка-чеккадаги қишлоқлардаги қирғизларни Жалолобод
ва Ўш шаҳарларига тушириб жойлашди. Сабаби, чет эллардан келган кузатувчилар,
асосан шаҳарларга келишиб, "ҳа қирғизлар кўп экан, бу жойлар Қирғизистон экан”,
дейишлари керак-да. Ўш шаҳри эса, иккинчи пойтахт ҳисобланади, Жалолобод ҳам
кичик шаҳар эмас.
Энди,
майли ўзбек миллий маркази тузилибди, бунга ҳам рози бўлайлик. Лекин, эътиборни
илмга қаратиш керак эди. Асосан, диний ва қонуний илмга. Агар, кўпчилик ўзининг
қонуний ҳуқуқини билиб, бири-бирини ҳимоя қилиб турса, бугунги кунга тушишмас
эди. Бунинг далили менинг ўзим. Мен Ислом динимда катъийман, фақат Аллоҳга
ишониб, Ўзидангина нажот сўрайман "яшашни аъзоб, ўлимни рохат”, деб
биламан. "Парвардигоро, менинг яшашимдан
фойда бўлса, менга ҳаёт бер. Агар ўлимимдан фойда бўлса, мени ўлдир” Аллоҳу
Акбар, деб дуо қиламан. Энди, ҳукумат қонунларига келсак, мен доимо
ўрганишда ва изланишда юраман. Мен билан бас келаман дегани чиқаверсин, мен
доим тайёрман. Неча марта қонунчиларини теледуэлга чақирдим, улар ботинишолмади.
Чунки, мени асосан ҳаммаси билади, асосий қонунчи Омурбек Текебаев, ЖК спикери
Асилбек Жээнбеков ва яна кўпчилиги, мен билан кўп сухбатда бўлишган. Ёрдамга
муҳтож ҳолларида, ёрдам ҳам сўрашган. Ўз ҳуқуқимни ва яқинларимни қонуний ҳимоя
қила олишимни яхши билишади. Ўғлим Гапиров Фаррухни 16.06.2010 йили ушлаб,
қамашиб, уриб қийнашиб, бир неча айбларни, одам ўлдиришни ҳам қўйишганларида, ўзим
уни ҳимоясида иштирок этиб, биринчи суддаёқ оқлаб қўймадим-ми ва руҳий аъзоб
учун суд орқали милиция билан прокуратурага 440 000 сом илиб қўймадим-ми. Бу,
июнь воқеаси бўйича юзлаган ўзбеклар устидан бўлган судлар ичида ягона оқлов
ҳукми. Мана шу, фақат Аллоҳдан нажот сўраб, илм билан иш кўриб, ютиб чиқишга
далил эмас-ми? Ўзбек миллий маркази бошлиқлари эса, шундай илмни ўйлашмай,
"ўзбекларингизни тўпланг” дейишганларида тўплашиб, чаппак чалдириб
юришаверишди. Оёқ остига қарашиб, узоқни кўришмади. 2000 йили, "қонунларни ўрганиш керак ва одамларга
ўргатиш керак, марказ қилиб бўлинмай, менга қўшилинглар”, деганимда, "йўқ бизнинг ишимиз тўғри, ҳимоя ҳам
қиламиз, маданиятимизни ҳам сақлаймиз”, дейишган.
Мана шу, уларнинг ҳатолари.
3. Қирғизистон ўзбеклари
ва уларнинг раҳбарлари келажакда ўтган хатоларга йўл қўймаслик
учун қандай йўл тутишлари лозим, деб ўйлайсиз?
Жавоб:
Қонунлар бўлиб, тўғри ишлатилган жойда,
тинчлик, осойишталик, эркинлик ва дўстлик бўлади. Шундай экан, қаерда бўлманг,
қайси мамлакатда юрманг, ўша жойнинг қонунларини ўрганиб, уни бузмай ва
ўзингизнинг ҳуқуқингизни талаб қилишни билишингиз, катта аҳамиятга эга. Энди,
бўлар иш бўлди, орқага қайтишни иложи йўқ. Лекин, бирикиш зарил, фақат ўзбек миллий маркази номи билан эмас. Чунки,
сохта бўлса ҳам, бу номга катта доғ тушди. Аммо, ҳозирги ҳукумат ҳам, ўзбек
миллий марказини тиклаш тарафдори. Чунки, уларга қўғирчоқлар зарил бўлади-да.
Шунинг учун, ўзларича янги ўзбек миллий марказини тузишиб, бошлиқлар ҳам
тайинлаб қўйишган. Мен бу тўғрида ўзбеклар билан гаплашиб юрибман,
марказчиларни тан олмасликларини айтишмоқда.
4. Улар учун қирғиз
жамиятига тўла интеграциялашув маъқулми ёки алоҳида ривожланиш муҳимми?
Жавоб:
"Тўла
интеграциялашув”, дегани, "ўзини
кимлигини унутиш”, деганидир. Бу мумкин эмас. "Алоҳида ривожланиш”, дегани, "Бир
мамлакатда яшаб бўлиниш, бўлинганни эса бўри ер”, деганидир. Бу ҳам мумкин
эмас. Шунинг учун, ватанда маҳкам туриб, қонун билан гаплашишни ўрганиш ва
бошқаларга ўргатиш, қонунчиликни талаб қилиб яшаш, "мен Қирғизистон
фуқоросиман”, деб ҳис қилмоқ, энг тўғри
йўл, деб ҳисоблайман. Инсонлар бор-ки, агар ундан қўрқиб турсанг, сени
ҳақорат қилиб, ерга тиқиб, хор қилиб ташлайди. Агар ундан қўрқмай, керак бўлса
ўлимга ҳам тайёр бўлиб, у билан тенг олишиб турсанг, у ўзи қўрқади. Ким билан
олишаётганингизни билишингиз керак. Агар унинг қалбида Аллоҳ бўлмаса, у албатта
қўрқоқ бўлади. Шунинг учун, қалбида Аллоҳ бўлганлар бирикиши, Аллоҳдан
қўрқмаганлардан узоқлашиш ёки уларга қарши доимий илмий кураш олиб бориш керак.
5.
Уларнинг келгусидаги стратегия ва тактикалари нималардан иборат бўлиши
керак, деб ҳисоблайсиз?
Жавоб:
"Стратегия ва тактика” деб, қиладиган ишларни
мукаммаллаштиришнинг ҳожати йўқ, биз уруш ҳолатида эмасмиз. Аҳамиятга эга
нарса, бу бирикиш ва ягона бошлиқ сайлаш. Ҳозирда эса, кўз кўрсинга ўзбеклар
маркази ва унинг бошлиқлари бор. Аммо, уларни ўзбеклар тан олишмайди. Лекин, у
сохта бошлиқлар яна ўзбеклардан вакил бўлиб, ҳукуматда ўралашиб юришибди.
Қилинадиган муҳим иш, янги бошлиқ сайлаш ва у ҳукуматнинг малайи бўлмасин.
Қолган ишлар кейин бўлади. Фундамент қуймасдан, ерга шифер қоққан билан, уй
қурилди, деса бўлмайди-да.
Шунинг
учун, келгусидаги қилиниши зарил бўлган ишлар ҳақида ёзмай турсам ҳам бўлади.
Шу кунда, "Бириккан ўзар, бирикмаган тўзар”, бўлиб, ўзбеклар шамолдаги барглар
сингари тўзиган.
Қани энди кўпчилик одамларда коинот,
ҳаёт ва оҳират ҳақида, оз бўлсада тушунча бўлганида эди.
Яшашни
Аллоҳнинг розилигига эришиш, ўлимни эса, Аллоҳнинг даргоҳига бориш ва ҳисоб
китоб эканлигини билишганида эди. Талаш – тортиш, бирини – бири ўлдириш ҳам
бўлмас эди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимояси "Адолатлик ва ҳақийқат”
маркази
Ўш шаҳри (+996) 543 818 056 бошлиқ Гапиров
Равшан Бердишевич / /
ravshanosh@mail.ru www.gapirov.ucoz.com 20.12.2012 йил.
|