Приветствую Вас Гость | RSS

Республика Кыргызстан, г.Ош

Правозащитный центр "ПРАВОСУДИЕ-ИСТИНА"

Четверг, 2024-04-25, 10:58:02
Главная » 2013 » Декабрь » 28 » Ҳаётим ва
20:49:58
Ҳаётим ва

   Армонларим                                                    

Эшитишимга қараганда ўтган авлодларимиз, яъни бобомдан олдинги ота тарафидан ҳам, она тарафидан ҳам бобоколонларимиз Ислом илмидан чуқур тушунчага эга бўлган қори, олимлар бўлиб ўтишган. Аммо, боболарим Исломдан йироқлаша бошлашган. Бу 1917 йилдаги Россияда бўлиб ўтган революциянинг биз тарафларга етиб келиб, худосизлик хаётининг бошланиши даврларига тўғри келади. У даврларда Худога ишонганларни қаттқ жазолаб, Сибирларга қатоғон қилинган ва "Эскилик сарқитлари” деб эълон қилинган. Боболарим мана шундай даврда яшаб улғайишган. Отам ва онам эса 1930 – 1935 йиллари таваллуд топишиб, кўпчиликнинг онгига "Худо йўқ” деган тушунчани сингдириб юборишган даврларда яшаб улғайишган. Шу боисдан, нафақат уларнинг онгида, балким жуда кўп одамларнинг онгида "Ҳалол, тўғри сўз бўлсанг бўлди, мана шу мусулмончилик бўлади”, деган тушунча пайдо бўлган. Отам иккинчи синфни битиргандан кейин отаси урушга кетиб, онаси эса 1942 йили вафот этиб, икки синглиси ва бир укаси билан етим қолишган ва жон сақлаш билан ҳаёт кечиришган. Илмни нафақат улар, бошқа жуда кўплаган оилалар ҳам унутишган. Онам эса, умуман илмсиз бўлган, дунё илмлари ва Қуръон илмларидан ҳам беҳабар бўлган. Мана шундай даврларда ва ҳолатларда илмсизлик кўпайиб борган, мана шундай даврда, мана шундай оилада 12 август 1955 йили мен таваллуд топдим.

 Отам юк машинаси, кейинчалик такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаб, 1990 йили пенсияга чиққан. Онам эса, умуман бирон жойда ишламаган, уй рўзғор ишлари-ю, болалар тарбияси билан овора бўлган. Онам 1999 йили, отам 2004 йили вафот этишди (Аллоҳ уларнинг гуноҳларини авф этиб, қабр аъзобига дучор қилмасдан, жаннатидан жой берсин. Аллоҳу Акбар).

Ҳамма каби бизнинг оилада ҳам янги йил, 8 март, 1 - 9 май ва шуларга ўхшаган байрамлар зўр тайёргарлик билан кутиб олинар эди. Лекин, нимагадир хеч қачон, хеч кимимизнинг туғилган кунимизни нишонлаган эмасмиз. Байрамларда қариндошларимиз йиғилишар (эркакларнинг кўпчилиги машина хайдовчи ва оддий ишчи), эркаклар ўртасида ичкиликвозлик авжига чиқарди. Бундан ташқари, тез тез отамнинг хайдовчи дўстлари келишар ёки биз оилавий борар эдик. Бу оилавий йиғилишларда ҳам, албатта ичкиликвозлик бўлар эди. Ислом ва Қуръондан сўз бўлмасди.

 Шундай қилиб, биринчи синфга мактабга ўқишга бордим. Дарс тайёрлашда менга онам ёрдам бериб, ўзи ҳам анча ҳарфларни таниб олди. Бундан ташқари, оилада уч ўғил фарзанд бўлганимиз учун, мен катта ўғил доимо онамга оила рўзғор ишларида ёрдам берардим. Умуман олганда, оилада аёл киши бажарадиган ҳамма ишларни ўрганганман, хаттоки кир ювиб, нон ёпишни ҳам.

Аммо, балким ота онамнинг тарбиясидир, бобоколонларимиздан қондан қонга ўтгандир, балким Аллоҳнинг берган неъматидир, "Ҳалоллик ва тўғри сўзлик”, мендаги биринчи жихатлардан эди. Бироқ, бизга Қуръон илмини хеч ким ўргатмаган. У даврларда Қуръон илмини ўргатганлар таъқибга олинар эди. Хаттоки хокимият вакиллари масжидларнинг олдида туришиб, кимлар жума намозига келаётганини рўйхат қилишар эди. Мактабларда эса, баъзи ўқитувчилар Рўза кунлари "Рўза тутмадингми, намоз ўқимаябсанми”, деб, ўқувчи болаларни сув ичишга мажбур қилишар эди. Ҳаттоки, "Худо йўқ, агар бўлса қани кўрсатчи, бу иллат”, деганлари ҳам бўлган.

 Аммо, отамнинг Ахмадали ва Махамадали исмли тоғалари бўлар эди, уларни биз ҳам тоға деб атар эдик. Мана шулар Исломни чуқур ўрганган, Қуръонга қаттиқ итоат этган одамлардан эдилар. Ахмадали тоғамиз, умри двомида ҳаттоки бутилкадан "Бунга қачондир ароқ қуйилган бўлиши мумкин” деб, сув ҳам ичмаган экан. Уни бирор жойда ишлаганини билмайман, у дехқончилик билан яшаган. Махамадали тоғамиз эса Қорасувдаги поезд вокзалида товарларни тушириб оладиган омборда ишлаган. Мана шу тоғамиз тез тез бизнинг уйга келиб, онамга "Фотимахон, авлодимиздаги илмли одамлар ўлиб тугаябди, биздан кейин илмли ким қолади, ҳаммаси арақхўр бўлиб кетишди. Мана шу Равшандан чиқади, уни менга олиб боринг, Қуръондан дарс берай” деб, кўп гапирган. Аниқ эсимда, 8 синфда ўқиётган вақтимда бир куни онам мени бошлаб Махамадали тоғамизнинг ишлаётган жойи вокзалга олиб бориб топшириб кетган. Тоғам Ислом ва Қуръондан, мусулмоннинг кимлиги тўғрисида анча гапириб берди. Ниҳоясида, "Энди мана бу 32 Араб ҳарфларини ёдлаб ва ёзадиган бўлиб келасиз, дарсни кейин даъвом этамиз” деди. Орадан икки соат ўтиб қайтиб борсам, "Нимани тушунмай қолдингиз” деганида, "Вазифани бажариб келдим” деб жавоб бердим. У мени текшириб кўриб, "Офарин, Худо хохласа тез орада катта қори бўласиз. Бундан кейин, бир хафтада 2-3 марта уйга борасиз”, деб жўнатиб юборди. Аммо, уйга етиб боргунимча иситма кирди, уйга аранг етиб олдим. Шу бўйича бир ҳафта ётиб қолдим. Шу ва бошқа оиладаги мухитга кўра тоғамнинг олдига боролмадим, дарс олиш қолиб кетди. Лекин, менда Қуръон ва хадисларга қизиқиш уйғонди, учраб қолган кичик китобчаларни ўқиб юрдим.

Ўша замоннинг зайли билан социализм тузумининг тарбиясини олдик, ўша вақтнинг тили билан айтганда "Замонавий” ҳаёт кечирдик. Аммо, "Ҳалоллик ва тўғри сўзлик” менинг қалбимга қаттиқ ўрнашиб қолган экан, тўғри сўзим учун ҳаётда кўп зиён заҳматлар кўрдим. Лекин, бу зиён заҳматлар яхшиликка бўлганлигини бугунги кунда тушундим. Айниқса 2000 йили Қорасувлик танишларимнинг илтимоси бўйича "Хизб-ут-тахрир” исломий уюшмаси аъзосини судда ҳимоя қиладиган бўлдим. Бу уюшма ҳақида биринчи марта эшитганим учун, уни иш фаолиятини ўрганишим, ҳимоя қиладиган одамимни қандайлигини билишимга тўғри келди. Шунинг учун, уч ой даъвомида Қуръон илмини яхши билган уч одамдан дарс олиб, ўша уюшманинг китобларига солиштириб чиқдим. Шу билан биргаликда, ўша уюшманинг иш фаолияти программаси ва бир қанча аъзолари билан танишиб чиқдим. Шундан кейин, бир қанча Хизб-ут-тахрир уюшмасининг аъзоларини судларда ҳимоя қилдим. Уларга қўйилган "Экстремист” деган айбноманинг ёлғонлигини судларда далилладим. Ниҳоят, менинг ўзимни ҳам 11.03.2008 йили, Хизб-ут-тахрир уюшмасининг аъзоси, ҳаттоки бошлиқларидан, деб қамоққа олишди. Ўша куни терговчилар олдида, "Парвардигоро, мени шу кунга етказганинга, ҳаромлардан қутқарганинга шукр. Аллоҳу Акбар”, деб қаттиқ бақириб қамоққа кириб кетдим. Шу тариқа, ичимдаги уйқуда ётган Исломга бўлган интилиш ва Аллоҳга бўлган муҳаббат уйғонди. Шу кундан бошлаб хар қандай, ҳаттоки кичкина гуноҳлардан ҳам сақланадиган, ҳақ сўзни хар ким олдида очиқ айтадиган бўлдим. Ҳаттоки президентларга ҳам, уларнинг ҳато ва камчиликларини очиқ ёзиб юрибман, қолганлари хеч гап эмас. Одамлар орасида ҳам Ислом ақидаларини сўз билан ва ёзма равишда тарқатаман. Ҳалол ва ҳаром, гуноҳлар ва шаръий ҳукмларни тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Лекин, шундай замонларда яшаб қолганмиз-ки, хозирги кундаги одамлар ҳақ гапдан кўра ёлғонга кўпроқ ишонишади. Бир – бирларини алдаб фойдаланишади, ҳаттоки ота-оналар билан фарзандлар ўртасида ҳам аҳвол шундай. Молиявий фойда кўрадиган иш бўлса, очиқ катта гуноҳлардан ҳам қайтишмайдиган бўлишди. Ҳаттоки, кўпчилик масжид Имомлари ҳам, ҳаром билан бошқараётган ҳалқ бошлиқларига узундан-узун дуо қилишади, уларни мақтаб кўкларга кўтаришади. Ҳақни эса, айтишдан қўрқишади. Уларни эшитган мусулмонларнинг кўпчилиги ҳам, ўшани ўрганишмоқда.    

Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в.) айтганларидек: "Одамларни ёлғончилар ўраб қолган замонлар келади. Ёлғончига ишонишиб, ҳақгўйни ёлғончи қилишади”. "Ким-ки, кимларга тақлид қилса, у ўшалардандир”.

Кўпчилик мусулмонлар шу тариқа бузилишган-ки, кийимлари ва емоқ ичмоқларида кофирларга тақлид қилишиб, бу "Замонавий ҳаёт” деб ном қўйишган. Исломий ҳаёт кечирганларни ва ҳижобланган аёлларни, "Замондан орқада қолганлар” деб аташади. Кофирларнинг байрамларига 10-15 кун олдиндан катта тайтёргарликлар кўришади, ўша куни хар хил мазали таомлар тайёрлашиб, байрам нишонаси билан ейишади. Зеро, кофирнинг байрамига атаб бирон жонлиқни сўйиш ёки таом тайёрлаб ейиш ҳаромдир. Лекин, шу кунларда кофирнинг янги йил байрами арафасида, жуда кўпчилик мусулмонлар жони жахди билан янги йилни кутиб олиш оворасида юришибди. Ҳаттоки болалар мактабларида ҳам пул тўплашиб, арчалар ясатишмоқда. Бу байрамга кўпчилик ёшу-қари оталар, оқсоқол боболар ва онаҳонлар ҳам боришиб, кофирларга тақлид қилиб кийинтирилган қизчаларини ўйнаб-кулиб шодланишидан баҳраманд бўлиб қайтишади.

Бугунги кунда мана шундай замонларда яшамоқдамиз. Буни пайғамбаримиз эслатиб кетган эканлар.

 Менинг армонларим шуки;

 Мендан йироқдаги одамларнинг кўр-кўрона ишларига қараб, уларнинг оҳиратдаги аҳволларига ачинаман. Яқинларимнинг эса, худди тошқин бўлиб, ҳамма ифлос нарсалар билан биргаликда оқиб келаётган одамларга қўшилиб кетишаётганларини кўриб, ўзимга тортиб кучим етмаётганидан юрак-юракдан эзиламан. Гоҳида худди Нух пайғамбар "Парвардигоро, ўғлимни сақла, уни ҳалок қилма” деб, Аллоҳга нола қилганидек, мен ҳам "Парвардигоро, фарзандларимни шайтондан ҳимоя қил, уларни тўғри йўлга бошла, қалбларини Ислом нури билан тўлдир, Ўзингни йўлингда юргувчилардан қил”, деб, дуо қиламан.

Ўзим эса, Қуръонни ёшлигимдан ўрганмай гуноҳлар қилдим, араб тилини эса, шу бугун ҳам тушунмайман. 

"Сизнинг хомхаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам ҳақ эмас - кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас”. (Нисо 4:123).

"Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш-амали билан жазоланур”. (Ғофир 40:17).

"Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам”, деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). (23 :100).

Изоҳ: ... умрини куфру-туғён билан совурган кимсага ўлим соати келганида, у шу қадар надомат ва азобга дучор қилинадики, бу азоб олдида дунёдаги барча уқубатлар роҳат бўлиб қолади. Энди у жаҳаннамда шундай азобларга гирифтор бўладики, бунинг олдида ўлаётган соатида кўрган азоби роҳатга айланиб қолади.

"Айтинг: "(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хохлаган киши иймон келтирсин, хохламаган кимса кофир бўлсин”. (Каҳф 18:29).

Ҳулоса шуки, Исломдан бўлмаган ҳамма байрамлар, уларга атаб жонлиқ сўйиш ва таомлар тайёрлаб ейиш ҳаромдир. Эй мусулмонлар, энди ҳам кофирнинг янги йилини байрам қиласизми?

"Магар қайсилари тавба қилиб, ўзларини ўнглаб, (одамларга ҳақийқатни) очиқ айтсалар, бас, уларнинг тавбаларини қабул қиламан. Ва фақат Менгина тавбаларни қабул қилгувчи раҳмлидирман (Бакара 2:160).

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси "Адолатлик ва ҳақийқат”

маркази бошлиғи     Гапиров Равшан Бердишевич /                            / 26.12.1013 йил.

Ўш шаҳри (+996) 553 065 744      ravshanosh@mfil.ru  
Просмотров: 961 | Добавил: Gapirov | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *: